“Рўйхатга олинди”

Яккасарой туман

хокимияти

___________________

2017 й. ___ ___________

 

“Тасдиқлайман”

Ўзбекистон Республикаси

Маданият  вазири Б.Сайфуллаев

________________________

(имзо)

2017 й.  ___ ____________

 

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ МИЛЛИЙ РАҚС ВА ХОРЕОГРАФИЯ ОЛИЙ МАКТАБИНИНГ

У С Т А В И

(янги таҳрирда)

 

 

 

 

ТОШКЕНТ – 2017 йил

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ МИЛЛИЙ РАҚС ВА ХОРЕОГРАФИЯ ОЛИЙ МАКТАБИ

 

  1. I. Умумий қоидалар
  2. Toshkent davlat milliy raqs va xoreografiya oliy maktabi (кейинги ўринларда матнда ТДМРХОМ деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.01.1997 йилдаги “Ўзбекистон миллий рақс ва хореография санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги ПФ-1695-сонли фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.1997 йилдаги “Ўзбекистонда миллий рақс ва хореография санъатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 101-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-2778-сонли Фармони асосида ташкил қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташкилий тузилмасига киради.
  3. ТДМРХОМ давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, олий таълимнинг асосий ва қўшимча таълим Дастурларини бажариш бўйича таълим фаолияти билан шуғулланади, шунингдек, Ўзбекистон  Республикасининг  қонун хужжатларига мувофиқ ўқув-педагогик ва илмий-методик, шунингдек бошқа фаолиятни амалга оширади ҳамда таълим хизматларини кўрсатади.
  4. ТДМРХОМ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар таёрлаш миллий дастури, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг норматив- ҳуқуқий ҳужжатлари ва мазкур Уставга амал қилади.
  5. ТДМРХОМ юридик шахс ҳисобланади. Оператив бошқарувида ўзига  хос  махсус  мол-мулкка  эга  ва ушбу мол-мулк бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ жавоб беради, ўз номидан мол-мулк сотиб олиши ва мулкий ҳамда номулкий ҳуқуқларни амалга ошириш, зиммасига мажбурият олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Мустақил балансга, Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штамплар ва бошқа реквизитларга эга.

ТДМРХОМ жойлашган манзил: Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Юсуф Хос Хожиб кўчаси, 31-уй.

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг

Ўзбек, рус, инглиз тилидаги расмий тўлиқ (қисқа) номи:

–  Toshkent davlat milliy raqs va xoreografiya oliy maktabi (TDMRXOM)

рус тилидаги расмий тўлиқ (қисқа) номи:

–  Ташкентская государственная высшая школа национального танца и хореографии (ТГВШНТиХ)

инглиз тилидаги расмий тўлиқ (қисқа) номи:

–  Tashkent state higher school of national dance and choreography

  1. II. Олий таълим муассасасининг асосий вазифалари
  2. Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

– шахснинг интеллектуал, маданий ва маънавий – аҳлоқий камол топишига бўлган эҳтиёжларини олий таълим ва олий таълимдан кейинги маълумот олиши орқали эришишни қондириш;

– ҳар томонлама ривожланган ва содиқ шахсни, мустақил давлат фуқаросини, ўз Ватани фидойиси, халқ, жамият ва оила олдидаги ўз масъулиятини ҳис қилувчи, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилувчи, ҳалқ анъаналарини бойитувчи ва мустаҳкамловчи, Ватанимиз келажаги учун виждонан ва ҳалол меҳнат қилувчи этиб шакллантириш;

– илмий-педагогик ходимлар ва таълим олувчиларнинг тадқиқотлари ва ижодий фаолиятлари орқали фанни тараққий эттириш, олинган натижалардан таълим жараёнида фойдаланиш;

– иқтисодиётнинг мувофиқ соҳаларидаги олий маълумотли мутахассисларни ва илмий – педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

– жамиятнинг аҳлоқий, маданий ва илмий қадриятларини сақлаш ва бойитиш;

– аҳоли ўртасида билимларни тарқатиш, унинг маънавий-маърифий ва маданий даражасини кўтариш;

– таълим олувчилар ва ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ва Олий мактабнинг озиқ-овқатлар захирасидан кенг фойдаланган ҳолда уларнинг соғлом овқатланишини ўрнатилган тартибда ташкил этиш.

 

III. Ўқув-тарбиявий ва илмий-методик ишларнинг субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

а) Талабалар:

  1. 6. ТДМРХОМ ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинган шахс ТДМРХОМ нинг талабаси ҳисобланади. Талабага талабалик гувоҳномаси ҳамда рейтинг дафтарчаси берилади. ТДМРХОМга талабаларни қабул қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган шахслар аризаларига биноан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш тартиби ва қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тест синовлари натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларига қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар. Қонунчиликка мувофиқ тест синовларисиз муайян имтиёз асосида ҳам ўқишга қабул қилиш кафолатланади.

  1. ТДМРХОМнинг талабалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– фан, техника, замонавий технологиялар ютуқларига мос келувчи билимларни олиш;

– ТДМРХОМ ахборот ресурс марказида мавжуд бўлган китоблар, даврий нашрлар, электрон таълим воситаларидан белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

– бепул маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар олишга;

– аудиториялар, ўқув заллари, таълим жараёнига оид воситалардан ўрнатилган тартибда бепул фойдаланиш;

– таълим жараёни самарадорлиги ва таълим сифатини ошириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини, танқидий фикрларини белгиланган тартибда таълим муассасаси, деканат ва кафедра рахбариятига билдиришга ва уларни кўриб чиқилишини талаб қилиш;

– ТДМРХОМ ва факультет миқёсида ўтказиладиган оммавий тадбирларда иштирок этиш;

– илмий тадқиқот ишларида ва илмий конференцияларда қатнашишга ва уларнинг натижаларини нашр этишга ва бу ҳақда ахборотлар бериш;

– ТДМРХОМда қонуний равишда фаолият юритаётган жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш ва улар ишида қатнашиш.

Талаба сифатли ва юқори савияда билим олиши, танлаган ихтисослиги бўйича юқори малакали мутахассис бўлиб етишиши учун зарур бўлган қонун хужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.

Талаба ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилмаслиги, бу ҳуқуқлардан ўзга шахслар манфаатига зид мақсадларда фойдаланмаслиги шарт.

  1. 8. Давлат грантлари бўйича ва тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шаклида таълим олаётган талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб ва миқдорда стипендия билан таъминланадилар.

Талабалар тегишли норматив-ҳуқуқий хужжатларга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси ва Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек ва Ислом Каримов номидаги Давлат стипендиялари, шунингдек, ўқишга йўллаган юридик ва жисмоний шахслар тайинлаган стипендияларни олиш ҳуқуқига эгадирлар.

  1. 9. Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида талабага Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида академик таътил берилиши мумкин.
  2. 10. Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатларига мувофиқ кундузги ўқув шаклида таълим олаётган талабаларга олий таълим муассасасида ўқиётган вақти давомида ҳарбий хизматга чақириш муддатини кечиктириш имкони берилади.
  3. 11. ТДМРХОМнинг талабалар турар жойига муҳтож талабалари олий таълим муассасасининг талабалар турар жойларидан санитария меъёрлари ва қоидаларига жавоб берадиган жой билан таъминланади. Талабалар турар жойларида талабаларга коммунал-маиший хизматлар учун тўловларни инобатга олиб, яшаш учун тўловлар олий таълим муассасаси томонидан белгиланади. Турар жойга муҳтож талабалар мавжуд бўлган ҳолда, олий таълим муассасасининг талабалар турар жойлари майдонидан бошқа мақсадларга фойдаланиш (ижарага бериш, бошқа келишувлар)га рухсат этилмайди.

Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқув шаклида таълим олаётган талабаларга ўқишдан бўш вақтларида олий таълим муассасасининг ўзида,

шунингдек, бошқа жойларда ишлашга рухсат этилади.

  1. 12. ТДМРХОМдан ўз ҳоҳиши ёки узрли сабабларга кўра четлаштирилган талаба, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ва қоидалари асосида қайта ўқишга тикланиш ҳуқуқига эга.

Илгари ТДМРХОМдан маъмуриятнинг ташаббуси билан четлаштирилган шахсларни, барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

ТДМРХОМнинг талабалари белгиланган тартиб ва қоидалар асосида бошқа олий таълим муассасаларига ўқишларини кўчириш (ўқишга қайта тикланиш) ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензияга эга бўлмаган нодавлат олий таълим муассасалари ва бошқа мамлакатлар олий таълим муассасаларининг филиаллари (марказлар, бўлимлар, ўқув-маслаҳат  пунктлари  ва бошқалар)дан  талабаларни ТДМРХОМга ўқишини кўчириш (ўқишга тиклаш) мумкин эмас.

Талабалар ўқишини бир олий таълим муассасасидан бошқасига кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

  1. 13. ТДМРХОМ талабалари олий таълимнинг таълим дастурлари ва ўқув режасида назарда тутилган билимларни эгаллашлари, топшириқларнинг барча турларини белгиланган муддатда бажаришлари зарур ҳамда ТДМРХОМнинг Уставига, Ички тартиб қоидалари ва Талабалар турар жойлари қоидаларига риоя этишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, талабаларни ўқиш вақти ҳисобидан таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ман этилади.

  1. 14. Ушбу Устав ва ТДМРХОМнинг Ички тартиб қоидаларида назарда тутилган мажбуриятларни бузгани тақдирда талабага нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари кўрилади: ҳайфсан ҳамда талабалар сафидан четлатиш.

Талаба ТДМРХОМдан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

а) ўз ҳоҳишига биноан;

б) ўқишнинг бошқа таълим муссасасига кўчирилиши муносабати билан;

в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссияси маълумотномаси асосида);

г) академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун;

д) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

е) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ж) олий таълим муассасасининг рухсатисиз чет давлатга чиқиб кетса;

з) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);

и) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

к) вафот этганлиги сабабли.

ТДМРХОМ маъмурияти ташаббуси билан талабаларни ўқишдан  четлаштириш  талабалар  касаба  уюшмасининг  ёзма  розилигини инобатга олган ҳолда (касаба уюшмаси аъзоси бўлган талабалар учун) амалга оширилади. Шунингдек, талаба мазкур  Қоидаларнинг 14-банди  “д” кичик бандига кўра четлаштирилаётган ҳолда, таълим муассасасининг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти  билан ҳам келишилиши мумкин.

Интизомий жазога тортилган талаба ўзига қўлланилган жазо чорасининг қонунийлиги ва адолатлилиги юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда норозилик билдириши мумкин.

Талабага нисбатан қўлланилган интизомий жазо юзасидан маълумот унинг шахсий йиғма жилдида сақланади.

Интизомий жазолар талабаларнинг касаллик ёки таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмаган ҳолда ҳатти – ҳаракат аниқлангандан сўнг бир ойдан ва ҳатти-ҳаракат содир этилганидан сўнг олти ойдан кечиктирилмай қўлланилади. Талабаларни касаллик пайтида, академик таътил ёки ҳомиладорлик ва туғиш ҳолати билан боғлиқ бўлган таътил пайтларида талабалар сафидан четлаштириш мумкин эмас.

Касаллик пайти талаба (ёки унинг ота-онаси) аризаси ва тегишли маълумотномалар билан одатда, бир ҳафтадан кечиктирилмасдан олий таълим муассасасига маълум қилинади.

  1. 15. ТДМРХОМда таълимнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ёки ажралмаган ҳолдаги ўқув шаклларида муваффақиятли ўқиётган талабаларга уларнинг иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган имтиёзлар (маош сақланган ёки сақланмаган ҳолда қўшимча таътил, олий таълим муассасаси жойлашган манзилга бориш ва келиш учун йўл ҳақи ва бошқалар) берилади.

 

б) Олий таълим муассасасининг профессор – ўқитувчилари таркиби,      ўқув-ёрдамчи ва маъмурий – хўжалик ходимлари (персонали)

 

  1. 16. ТДМРХОМда профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий ходимлар, муҳандислик – техника, маъмурий – хўжалик, ишлаб чиқариш, ўқув – ёрдамчи ва бошқа хизматчилар лавозимлари мавжуд.

Профессор – ўқитувчилар таркибига кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи, ўқитувчи-стажёр лавозимлари киради  (ўқитувчи-стажёр лавозими ЎзР ВМнинг 2008  йил 1 август “Республика олий таълим муасассалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 164-сон қарорига асосан киритилди).

  1. 17. Профессор-ўқитувчилар таркибидаги лавозимларни эгаллаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февраль 20- сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таьлим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ танлов асосида меҳнат шартномаси бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 9 март Ф-137-сонли фармойишига мувофиқ олий таълим муассасасининг проректори ректор тавсиясига кўра Маданият вазирлиги раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони билан келишилган ҳолда тайинланади. Факультет декани Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан тайинланади.

  1. 18. ТДМРХОМнинг профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– белгиланган тартибда олий таълим муассасаси ва факультет Илмий Кенгашларига сайлаш ва сайланиш;

–  ТДМРХОМнинг  фаолиятига  тааллуқли  масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;

– ТДМРХОМнинг ахборот-ресурс маркази, ўқув ва илмий бўлинмаларнинг хизматларидан, шунингдек, ижтимоий-маиший, тиббий ва бошқа бўлимлар хизматидан жамоа шартномасига мувофиқ фойдаланиш;

–     ўқитишнинг услуб ва воситаларини танлаш, ўқув ва илмий жараённинг юқори сифатини таъминловчи илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш;

– ТДМРХОМ маъмуриятининг буйруқ ва фармойишлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш;

– қонунчиликда белгиланган тартибда танловларда қатнашиш, лавозимларни эгаллаш;

– ўзлари ишлаётган кафедра, факультетдан ташқари бошқа кафедра, ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлаш (асосий иш жойи билан келишилган ҳолда);

– хорижий ҳамкасбларининг соҳага доир илмий ва ўқув-услубий адабиётлари билан танишиш ва улар билан фикр алмашиш;

– ўз фани бўйича сифатли дарсликлар ва ўқув қўлланмалар тайёрлаш;

– назарий билимларини амалий тажрибасини, илмий тадқиқот олиб бориш услубини, педагогик маҳоратини такомиллаштириб бориш;

– талабаларнинг илмий тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

– грантлар, илмий лойиҳалар, хўжалик шартномаларида иштирок этиш;

– Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасига оид қонунчилигида белгиланган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш.

  1. 19. ТДМРХОМнинг профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

– таълим тўғрисидаги қонунчилик, меҳнат ва технология интизоми, муассаса Устави, Ички меҳнат тартиби қоидаларига қатъий риоя қилиш; ўзининг хизмат вазифаларини виждонан бажариш ва ўқитувчилик шаънига

доғ туширмаслик;

– иш жараёнида мулоқот қиладиган муассаса ходимлари, талабалар ва бошқа шахслар билан ҳушфеъл муносабатда бўлиш;

– иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш, ҳар йили тасдиқланадиган шахсий режа асосида ўқув-услубий, илмий ва маънавий- маърифий ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, хусусан:

а) ўқув юкламалари ҳажмини, ўқув-услубий, илмий ўқув-ташкилий ишларни тасдиқланган шахсий режа асосида бажариш ва маънавий- маърифий ишларда иштирок этиш;

б) дарслик, ўқув қўлланма тайёрлаш, ўқув абадиётлар, илмий мақолалар, монографиялар ёзиш;

в) тарбиявий ишларни олиб бориш, талабалар билан маънавий- маърифий ишларда бевосита иштирок этиш, шу жумладан дарсдан ташқари вақтларда ўтказиладиган тадбирларда;

д) Илмий кенгаш томонидан тасдиқланган кафедра илмий мавзуларида иштирок этиш;

е) ўз малакасини мунтазам равишда ошириш;

– меҳнатни муҳофаза қилиш хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитариясига доир қоидаларига риоя қилиш;

– муассасанинг мол-мулкини авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш;

– иш берувчига бевосита етказилган хақиқий моддий зарарни қоплаш;

– муассаса жамоатчилик ишларида қатнашиш;

-педагогик ва илмий жараённинг самарадорлигини таъминлаш;

– замонавий цивилизация ва демократия шароитида таълим олувчиларнинг танлаган йўналиши (мутахассислиги) бўйича юксак касбий тайёргарликни, меҳнатга бўлган қобилиятни шакллантириш;

–  чет тили ва ахборот технологияларидан саводхонлигини ошириб бориш;

– таълим олувчиларда мустақил фикрлаш, ташаббускорлик, ижодий қобилиятни шакллантириш;

– «Устоз-шогирд» тизимида иштирок этиб, ўзига бириктирилган шогирдлар билан илмий, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни амалга ошириш;

– ўзининг одоби, маданияти, маънавий савияси билан ўрнак бўлиш;

– қийиниш маданиятига риоя этиш;

– республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жаҳонда рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлиш;

– олий мактаб, факультет, кафедра томонидан ташкил этиладиган маданий, маънавий, маърифий тадбирларда фаол иштирок этиш;

– ўзи ўқитадиган фан дастурини мунтазам фан ва техника ютуқлари асосида бойитиб бориш;

– дарсларни юқори савияда ўтиш;

– фан йўналишига тегишли янги манбаларни топиш ва улар билан талабаларни таништириб бориш;

– ҳар ўқув              йили бошлангунга қадар ўзи ўқитадиган фан(лар)нинг ишчи ўқув дастури, календарь режаси ва рейтинг назоратлари жадвалини ишлаб     чиқиш ва кафедра мажлисида тасдиқлаш;

– рейтинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш;

– талабалар билимини холисона баҳолаш;

– янги педагогик технологияларни дарс жараёнида қўллаш;

– илмий салоҳият ва педагогик маҳоратини ошириш;

– талабалар илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

-олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиш;

  1. 20. ТДМРХОМ профессор-ўқитувчи ходимларининг чет эл хизмат сафарлари Вазирликнинг 13.04.05 йилдаги 81-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларидан хорижий сафарларга бориш тартиби тўғрисида”ги муваққат Йўриқнома асосида амалга оширилади.
  2. 21. ТДМРХОМ профессор-ўқитувчилар таркибини уч йилда камида бир маротаба малакасини ошириш кафолатини таъминлайди.
  3. 22. ТДМРХОМнинг маъмурий-хўжалик, муҳандислик-техника, ўқув-ёрдамчи ва бошқа хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари олий таълим муассасасининг Ички тартиб-қоидалари ва лавозим йўриқномалари билан белгиланади.
  4. IV. Ўқув-тарбиявий ва илмий-методик ишлар

 

  1. 23. ТДМРХОМ қуйидаги йўналиш ва мутахассисликлар бўйича олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг асосий таълим дастурлари, қўшимча таълим (кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш)нинг дастурларини амалга оширади:

 

1). Олий таълим (бакалавриат ва магистратура).

 

а) ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (бакалавриат) ўқув шакли

  1. “Хореография” (турлар бўйича):

– Хореография педагоги;

– Балетмейстер-режиссёр;

– Хореография жамоалари раҳбари.

  1. «Санъатшунослик» (Хореография бўйича).

 

б) магистратура

  1. “Хореография санъати ва хореография” (турлар бўйича):

               – Хореография педагогикаси;

– Балет режиссураси;

– Хореография жамоасини бошқариш.

  1. «Санъат назарияси ва тарихи» (Хореография)

 

  1. 24. ТДМРХОМ таълимнинг асосий таълим дастурларини икки босқичда амалга оширади:

бакалавриат ва магистратура.

Бакалавриат – таълим йўналиши бўйича фундаментал ва амалий билимлар берувчи, ўқиш муддати 4 йилдан кам бўлмаган таянч олий таълимдир.

Бакалавр дастурини тугатган битирувчиларга давлат аттестацияси якунлари бўйича таълим йўналиши бўйича «бакалавр» даражаси берилади ҳамда давлат намунасидаги диплом топширилади.

Магистратура – йўналишнинг муайян мутахассислиги бўйича фундаментал ва амалий билимлар берувчи, бакалавриат негизида, ўқиш муддати 2 йилдан кам бўлмаган олий таълимдир.

Магистр дастурини тугатган битирувчиларга давлат аттестацияси якунлари бўйича тайёрланган муайян мутахассислик бўйича «магистр» даражаси берилади ва давлат намунасидаги диплом топширилади.

Бакалавр ва магистрлик давлат намунасидаги диплом унинг эгаларига касбий фаолият билан шуғулланиш ёки танланган таълим йўналишига ва мутахассислигига мувофиқ таълим муассасаларининг навбатдаги босқичларида ўқишни давом эттириш ҳуқуқини беради.

Олий таълимнинг турли босқичида асосий таълим дастурлари бўйича дастлабки таълим олиш, иккинчи олий таълим олиш сифатида қаралмайди.

  1. 25. ТДМРХОМда таълим жараёнини ташкил этиш, олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқиладиган ва ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган ўқув режалари ва фанларнинг дастурлари, ТДМРХОМ ректори (ўқув ишлари бўйича проректор) томонидан тасдиқланган йиллик календарь ўқув жадвали ҳамда машғулотлар жадвали билан тартибга солинади.

Таълим жараёнини мақсадли йўналтириш йўли билан ташкил этиш, яъни таълим шакллари, услуб ва воситаларни танлаш йўли билан ТДМРХОМ талабаларига олий таълимнинг асосий касбий таълим дастурларини ўзлаштириш учун зарурий шароитларини яратиб берилиши лозим.

Таълим-тарбия жараёнининг бирлиги давлат таълим стандартлари билан таъминланади. ТДМРХОМнинг ижтимоий – гуманитар фанлар кафедраси, маънавий-маърифий ва талабалар ва бошқа жамоатчилик ташкилотларига раҳбарлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш маънавий-ахлоқий ва тарбия масалалари бўйича проректор томонидан амалга оширилади.

  1. 26. ТДМРХОМда ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари белгиланган: маъруза, консультация, семинар, амалий машғулот, якка машғулот, назорат иши, коллоквиум, мустақил иш, амалиёт, курс лойиҳаси (курс иши), бакалаврлик битирув малакавий иши ҳамда магистрлик диссертацияси.

Аудитория машғулотларининг барча турлари учун 40 минутлик (танаффуссиз қўшма маъруза) академик соат белгиланган. Ўқув машғулотлари орасидаги танаффус камида 10 дақиқа бўлади.

Таълим ва тарбия олиб бориладиган тиллар: ўзбек ҳамда рус тиллари ҳисобланади.

  1. 27. ТДМРХОМда кадрлар тайёрлаш ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олиб борилади.

Олий таълимнинг асосий касбий таълим дастури доирасида таълим олишнинг барча шакллари учун ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган ва “Узстандарт” агентлигида давлат рўйхатидан ўтказилган давлат таълим стандарти қўлланилади.

  1. ТДМРХОМда ўқув йили икки семестрга бўлинади ва унинг хар бирида талабаларнинг ўзлаштириши рейтинг назорати шаклида олиб борилади.

Ўзлаштирувчи талабаларни курсдан-курсга ўтказиш факультет деканининг тавсиясига биноан ректор буйруғи билан амалга оширилади. Талабаларни курсдан-курсга шартли ўтказиш мумкин эмас.

Олий таълимнинг таълим дастурларини ўзлаштириш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ва Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилган “Олий таълим муассасалари талабалари билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом”га мувофиқ тартибга солинади, “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низом”га асосан битирувчиларнинг якуний аттестацияси билан тугалланади.

  1. 29. ТДМРХОМда илғор педагогик ва ахборот технологиялари, таълимни индивидуаллаштириш ва мустақил таълим олиш воситаларини, модул тизими ҳамда масофавий таълим беришни қўллаш ҳисобига мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга йўналтирилган илмий-услубий ишлар амалга оширилади.
  2. 30. ТДМРХОМ кенгашнинг тематик режалар бўйича, бажариладиган ишларнинг сифати ҳамда меҳнат хавфсизлигини таъминлаган ҳолда талабалар, магистрантларни кенг жалб этиб, илмий-тадқиқот ва ижодий ишларни олиб боради.
  3. V. Олий таълим муассасасининг таркиби

 

  1. Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг таркибига қуйидагилар киради:

а) «Хореография санъати» факультети;

б) ”Хореография”, “Санъат назарияси ва тарихи” ва “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедралари;

в) Ўқув бўлими, АРМ, маънавият ва маърифат бўлими, маркетинг хизмати бўлими, ички назорат ва мониторинг бўлими, ходимлар бўлими, ҳисобхона;

г) ТДМРХОМ қошида ихтисослашган хореография коллежи ва интернати фаолият кўрсатади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълим тузилмасини ва уни ташкил этиш тизимини Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ равишда такомиллаштириш, мутахассислар тайёрлаш сифатини оширилишини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 12 июндаги 253-сонли ва 2003 йил 29 октябрдаги 473-сонли қарорини, ҳамда ЎМКҲТ Марказининг 2004 йил 27 январдаги 16-сонли буйруғини бажарилишини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби қошидаги Хореография билим юрти Тошкент хореография коллежига ўзгартирилган.

ТДМРХОМ қошидаги хореография коллежида мумтоз рақс ижрочиси ҳамда ҳалқ рақси ижрочиси тайёрлов йўналишлари мавжуд.

  • “Мумтоз рақс ижрочиси” тайёрлов йўналишида – балет артисти, хаваскорлик рақс жамоалари раҳбари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчи;
  • “Ҳалқ рақси ижрочиси” тайёрлов йўналишида – халқ рақс ансамбли ижрочиси, хаваскорлик рақс жамоалари раҳбари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчилар тайёрланади.

 

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби қошидаги хореография коллежи ҳақида маълумот

 

Коллежда ўқув ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режалари асосида олиб борилади.

Ўқув иши мутахассислик бўйича зарур амалий ва назарий тайёргарликлар шунингдек, умумтаълим мактаблари даражасида билим беришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият  вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган талаблар ҳар бир фан учун мўлжалланган ўқув дастурларнинг ўқув режаларига асосланган.

Коллежнинг олиб борадиган ўқув машғулотларининг турлари ўрта махсус ўқув юртларининг кўрсатмаларига мос келади. Ўқув машғулотлари турларига: дарс, лекция, семинар, амалий, ўқув амалиёти, ишлаб чиқариш амалиёти, консультациялар, ўқувчиларнинг мустақил машғулотлари, назорат ишлари киради.

Коллежда таҳсил олаётган ўқувчиларни амалиёти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган кўрсатмалар асосида амалга оширилади.

Ўқувчиларнинг синфдан-синфга кўчишлари уларнинг баҳоларига асосан шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган синфдан-синфга кўчириш ва семестр имтиҳонлари ҳақидаги кўрсатма асосида раҳбар томонидан тасдиқланади.

Коллежда ўқув йили 2 сентябрдан бошланади. Семестр ва чоракларга бўлинади.

Ўқувчиларга бир йилда 2 марта, яъни қишки ва ёзги таътил берилади.

Таътилнинг муддати ўқув режалари асосида белгиланади.

Ўқув машғулотларининг ҳамма турлари 40 минут ҳажмида, танаффуслар эса 10 минутдан иборат.

Фортепиано ва ишлаб чиқариш амалиётидан алоҳида ўқув режа асосида дарс соатлари ажратилади.

Гуруҳларда ўқувчилар сони қуйидагича белгиланди:

Классик рақс                          –   6 – 8 та

Халқ-саҳна рақси                  –   10 – 12 та

Тарихий-маиший рақс          –   10 – 12та

Дуэт-классик рақс                 –   3 – 4 та жуфтлик

Ўзбек рақси                            –   8 – 12 та

Умумтаълим фанларда         –   15 – 20 та

Мусиқа ва санъатшунослик цикли – 15 – 20 та

 

Изоҳ:

а) ишлаб чиқариш зарурати билан классик рақс дарсида гуруҳда 12 тадан ортиқ ўқувчи бўлса 0,5 ҳафталик дарс юкламаси миқдорида қўшимча ҳақ тўланади;

б) ўқитувчи маълум сабабларга кўра келмаганда икки синфга қўшиб дарс ўтилганда, ўқитувчига 0,5 ҳафталик дарс юкламаси микдорида ҳақ тўланади;

в) ишга келмаган концертмейстернинг ўрнини алмаштириб бўлмаганда ўқитувчига 0,5 ҳафталик дарс юкламаси миқдорида ҳақ тўланади.

Ҳар бир семестрда ўқув машғулотлари, амалиёт ва бошқа машғулот турларини ўтказиш учун дарс жадвали тузилади ва коллеж раҳбари томонидан тасдиқланади.

Коллеж ўқувчилари

 

Коллеж ўқувчисининг ҳукуқлари: лаборатория, ўқув хоналари, кутубхона, махсус синфлари ва бошқа ўқув ёрдамчи хоналардан бепул ва кенг фойдаланиш;

Коллеж ўқувчилари қуйидагиларни бажаришлари шарт:

  • Ўзлари танлаган мутахассисликлари бўйича назарий ва амалий билимларни мунтазам ва чуқур эгаллаб боришлари;
  • Ўқув режаси ва дастурида кўзда тутилган барча турдаги топшириқларни ўз вақтида бажариш ва ўқув машғулотларида қатнашишлари;
  • Ўқув муассасаси жамоасининг жамоат ва ижтимоий фойдали ҳаётида фаол қатнашишлари, ички тартибга риоя қилишлари шарт.

Вилоятлардан келган коллеж ўқувчилари белгиланган тартибда ётоқхона ва иссиқ овқат билан таъминланадилар.

Жамоат ишларида қўлга киритилган ютуқлар учун ўқувчиларни рағбатлантириш йўлга қўйилади.

Ўрта махсус билим юртларида ўқув интизоми ва ички тартибларни бузганликлари учун тартиб қоидалари асосида ўқувчиларга ҳар хил жазо чораларини қўллаш мумкин.

Давлат имтихонларини топширган ўқувчиларга Давлат квалификация комиссияси қарорига асосан тамомлаганлиги ҳақида диплом берилади.

Коллеж ўқувчилари қуйидаги ҳолларда ўқувчилар сафидан чиқарилади:

Олий мактаб ва ётоқхона тартиб-интизомига риоя қилмаса,

Мактаб низомига асосан ташқи кўриниш (сочи, юз бўёғи, очиқ кийиниш) талабга жавоб бермаса 2 марта огохлантиришдан сўнг,

Мутахассислик фанларидан қишки ёки ёзги синовларидан ўтолмаса,

Ўқувчининг қомати ўзгарса, яъни саҳнабоплигини йўқотса.

 

Тошкент Давлат миллий рақс ва хореграфия олий мактаби интернати ҳақида маълумот

 

ТДМРХОМ интернати (кейинчалик интернат) ТДМРХОМнинг умумий ўрта таълим ва ўрта махсус таълим босқичида вилоятлардан келиб таҳсил олувчи ўқувчиларнинг турар жойи ҳисобланади. Интернат ТДМРХОМ тасарруфига киради ва унга бўйсинади.

Интернатга тарбиячилар ТДМРХОМ ректорининг буйруғига биноан қабул қилинади.

Интернат иш фаолиятини белгиланган тартибда ректор, маънавият ва тарбия ишлари проректори, маънавият ва маърифат бўлими, коллеж раҳбари ва маънавият ишлари муовини назорат қилади.

Интернат тарбиячилари ТДМРХОМ буйруғи асосида ишга қабул қилинади. Интернат тарбиячиси олий ёки ўрта-махсус педагогик мутахассисликка эга бўлиши шарт.

 

Интернат тарбияланувчилари

 

Интернат тарбияланувчилари интернат ички тартиб-қоидаларига сўзсиз бўйсунади.

Интернат тарбияланувчилари ТДМРХОМ умумий-ўрта ва ўрта-махсус таълим босқичида вилоятлардан келиб тахсил олувчи ва чин етим ўқувчилардан иборат бўлади.

Интернат тарбияланувчилари турар жой билан таъминланади.

Интернат тарбияланувчилари яшаш шароитига тегишли жиҳоз ва имкониятлардан меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Интернатда истиқомат қилувчи ўқувчилар ўзларига тегишли масалалар бўйича коллеж ва ТДМРХОМ раҳбариятига ўрнатилган тартибда мурожаат қилиш ва жавобини олиш хуқуқига эга.

 

Интернат ички тартиб қоидалари

 

Интернат тарбиячилари ва тарбияланувчилар ТДМРХОМ мулки ҳисобланган барча жиҳозларни авайлаб асрашлари ва интернат худудида озодаликни сақлашлари шарт.

Интернат худудида чекиш, ичиш, шовқин сурон қилиш ва хуқуқбузарликнинг ҳар қандай шаклини амалга ошириш таъқиқланади.

Интернат тарбияланувчиларига соат 18.00 дан кейин интернатдан чиқишлари мумкин эмас.

Интернат тарбияланувчилари учун 21.00 дан 06.00 гача тунги дам олиш вақти ҳисобланади.

Тарбияланувчилар овқатланишларининг назорати тарбиячилар томонидан олиб борилади.

Интернат худудига бегона шахсларнинг киришига рухсат берилмайди.

Интернат ички тартиб қоидаларига барча тарбияланувчилар ва интернат ходимлари бўйсунади.

 

  1. VI. Олий таълим муассасасини бошқариш

 

  1. ТДМРХОМни бошқариш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда ушбу Уставга мувофиқ якка раҳбарлик ва олий таълим муассасасининг Илмий кенгаши, Васийлар кенгаши орқали жамоатчилик бошқарувини уйғунлаштириш тамойили асосида амалга оширилади.
  2. 33. ТДМРХОМни бевосита бошқариш Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 1992 йил 9 март 137-ф фармойишида белгиланган тартиб асосида тайинланадиган ректор томонидан амалга оширилади.

Ректор ТДМРХОМ фаолиятига, шунингдек, ТДМРХОМнинг Ички тартиб қоидалари, Олий таълим тўғрисидаги Низом ҳамда мазкур Уставда белгиланган мажбуриятлар учун тўла масъулдир.

Ректор Ўзбекистон Рсспубликаси қонунчилигига мувофиқ ТДМРХОМ номидан иш олиб боради, барча идоралар, муассасалар, корхоналарда унинг вакили сифатида қатнашади, олий таълим муассасасининг мол-мулкига масъуллик қилади, шартномалар тузади, ишончномалар беради, банк муассасаларида олий таълим муассасасининг ҳисоб рақамларини очади, молиявий маблағлардан ўрнатилган тартибда фойдаланиш бўйича фармойишлар беради.

Ректор ТДМРХОМнинг ваколати доирасида:

– Олий мактабнинг барча ходимлари, талабалари ва бошқа таълим олаётганлар учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва топшириқлар беради;

– Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги   билан келишилган ҳолда факультет деканлари ва бош бухгалтерни лавозимига тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади;

– ТДМРХОМ проректорлари лавозимига номзодларни тавсия этади ва проректорлар, деканларнинг муайян вазифалари ҳамда масъулиятларини белгилайди;

– ТДМРХОМ ходимлари ва хизматчиларини, шунингдек илмий-педагогик ходимларини Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ишга олиш ва бўшатишни амалга оширади;

– ТДМРХОМ таркибига кирган илмий тадқиқот, ижодий ҳамда бошқа ташкилот ва бўлинмаларнинг вазифаларини белгилайди ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

– ТДМРХОМ ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик устамалар ва қўшимчаларни белгилайди;

– касаба уюшма қўмитаси ёки ТДМРХОМнинг бошқа ваколатли органи билан келишган ҳолда Ички тартиб қоидаларини тасдиқлайди;

– ТДМРХОМнинг амалдаги қонун хужжатлари ёки Вазирликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бузилган ҳолда чиқарилган буйруқларини бекор қилади;

– ТДМРХОМда Намунавий штат бирликларига мувофиқ ажратилган маблағлар ҳамда иш ҳақи фонди, тасдиқланган олий таълим муассасаси ходимларининг сони ва лавозим маошлари, тариф сеткаси доирасида олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари таркиби ва ТДМРХОМ ходимларининг штат бирлигини тасдиқлайди ҳамда лавозим маошларини белгилайди;

– ТДМРХОМ Кенгашининг тавсиясига кўра ўрнатилган тартибда тегишли норматив-ҳуқуқий хужжатларга мувофиқ факультетларни, кафедраларни очиш ёки ёпиш қарорларини тасдиқлайди.

“Олий таълим муассасасининг кафедраси тўғрисидаги Низом” талабларидан келиб чиққан ҳолда ТДМРХОМ Кенгаши тавсиясига кўра кафедралар ташкил этилади ёки тугатилади.

ТДМРХОМ ректорига ўзи ишлаётган олий таълим муассасасида ва ундан ташқарида ҳақ тўланадиган бошқа раҳбарлик лавозимида (илмий ва илмий – методик раҳбарликдан ташқари) ўриндошлик бўйича ишлашга рухсат этилмайди. Ректор ўз вазифаларини ўриндошлик бўйича бажариши мумкин эмас.

  1. 34. “Олий таълим тўғрисидаги Низом”га мувофиқ ТДМРХОМда олий таълим муассасаси фаолиятининг асосий масалаларини кўриш учун  Кенгаш ташкил этилади.

Кенгаш таркибига ректор киради ва Кенгаш раиси ҳисобланади, проректорлар, факультетлар деканлари ҳамда мутахассислар тайёрловчи кафедралар мудирлари, шунингдек, талабалар ва олий таълим муассасаси ходимлари касаба уюшмаси кенгаши вакиллари киради. Кенгашнинг бошқа аъзолари умумий мажлисда (конференцияда) яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Профессор-ўқитувчилар таркибидан Кенгашга сайланадиганлар сони ректор буйруғи билан белгиланади.

Кенгашнинг ваколати, уни сайлаш ва фаолият юритиш тартиби таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган “Олий таълим муассасасининг Илмий Кенгаши тўғрисидаги Низом” билан белгиланади.

  1. 35. ТДМРХОМда Васийлар кенгаши олий таълим муассасасини бошқарувчи жамоатчилик органи ташкил этилади ва унинг таркибига муассис-вазирликлар, маҳаллий ҳокимият, ишбилармон доиралар, жамоатчилик ташкилотлари, жамғарма ва васийлар, бошқа таълим муассассаларининг вакиллари киради.

Васийлар кенгашининг таркиби, ваколатлари, шакллантириш таркиби ва фаолияти “Васийлар кенгаши тўғрисидаги Низом” билан белгиланади.

  1. ТДМРХОМда касаба уюшмаси қўмитаси фаолият кўрсатади. Талабалар ва ходимлар манфаатларини ҳимоялашни таълим ва фан касаба уюшмалари ҳамда уларнинг олий таълим муассасасида сайланган органлари амалга оширади. Талабалар ва ходимларни ваколатли органларининг ҳуқуқлари ва уларга нисбатан олий таълим муассасаси маъмуриятининг мажбуриятлари қуйидагилардир:

Касаба уюшмаси ходимларнинг ишлаб-чиқариш, меҳнат, маиший, маданият, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш соҳаларида қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини химоя қилади.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ёшларни бирлаштириш, соғлом турмуш талаблари асосида тарбиялаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш йигит-қизларнинг ўз ақл-заковати, куч-ғайратин тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, ёш авлоднинг таянчи ва суянчи бўлишдан иборат.

Амалдаги низомларга мувофиқ ТДМРХОМда илмий ва ихтиёрий жамиятлар, ўқув-услубий, кенгашлар ва комиссиялар, ёш олимлар кенгаши ва бошқалар ташкил этилиши мумкин.

Ректорат ва ТДМРХОМ Кенгаши ўз фаолиятида ТДМРХОМ жамоатчилик ташкилотларининг тавсияларини кўриб чиқади ва ўз фаолиятларида уларни ҳисобга олади.

  1. ТДМРХОМнинг факультетини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда ректор томонидан тайинланадиган декан бошқаради.

Факультет декани ўз фаолиятида “Олий таълим муассасасининг факультети тўғрисидаги Низом”га амал қилади.

“Олий таълим муассасасининг факультети тўғрисидаги Низом”га мувофиқ факультетда кенгаш ташкил этилиши мумкин.

Кенгашнинг таркиби, ваколатлари, шакллантириш ва фоалиятининг тартиби “Олий таълим муассасаси факультетининг Илмий Кенгаши тўғрисидаги низом” билан белгиланади.

Кафедра фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ танлов асосида олий таълим муассасасининг Илмий Кенгаши томонидан сайланадиган мудир раҳбарлик қилади.

Кафедра мудирининг ваколатлари ва кафедра фаолиятининг тартиби “Олий таълим муассасасининг кафедраси тўғрисидаги Низом” билан белгиланади.

 

VII. Молия – хўжалик фаолияти ва моддий-техник база

 

  1. 38. ТДМРХОМга ушбу Уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида оператив бошқариш ҳуқуқи билан давлат (таъсисчи) томонидан бинолар, иншоотлар, мулкий мажмуалар, олий таълим муассасасининг паспортига мувофиқ асбоб-ускуналар, шунингдек истеъмол, ижтимоий, маданий ва бошқа мақсадлар учун зарур бўлган мулклар бириктирилган.

ТДМРХОМга ажратилган ер участкалари олий таълим муассасасига муддатсиз текин фойдаланиш учун бириктирилган.

  1. 39. ТДМРХОМ жисмоний ва юридик шахслардан совға, ҳадя ёки васият бўйича берилган пул маблағлари, мол- мулк ва бошқа мулкий объектларга, олий таълим муассасаси фаолиятининг самараси ҳисобланган интеллектуал ва ижодий маҳсулотларга, шунингдек ўз фаолияти орқали оладиган даромадлар ва бу даромадлар ҳисобидан сотиб олинадиган мулкий объектларга эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.
  2. 40. ТДМРХОМ мол-мулкни ижарага олувчи ва мол-мулкни ижарага берувчи сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ олий таълим муассасаси ўзига бириктирилган ижарага берилиши қонун хужжатларига зид бўлмаган бинолар, иншоотлар ва уларнинг қисмлари, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари шаклидаги давлат мулки ва бошқа мол-мулкларни илмий кенгашнинг розилиги билан тасарруф этиш ҳуқуқисиз, белгиланган нархлар бўйича ижарага беришни амалга оширади.

Ижара ҳақи сифатида олинган маблағлар таълим жараёнини таъминлаш ва уни ривожлантириш учун фойдаланилади.

  1. 41. ТДМРХОМнинг таълим фаолиятини молиявий таъминлаш давлат грантлари асосида мутахассислар тайерлаш учун ажратилган бюджет маблағлари, давлат томонидан белгиланган нормативлардан келиб чиққан ҳолда қайта тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш ҳисобига ажратилган маблағлар, шунингдек бюджетдан ташқари маблағлар, жумладан талабалар ва тингловчиларни ўқитиш учун белгиланган тартибда олинган тўлов – шартнома асосидаги маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
  2. 42. ТДМРХОМнинг асосий фаолиятига зарар етмайдиган тартибда таълим ва бошқа соҳаларда пуллик хизмат фаолиятини амалга ошириш мумкин. Олий таълим муассасаси шуғулланадиган тадбиркорлик фаолияти унинг уставида белгиланган вазифаларга мос келиши керак.

ТДМРХОМ ўз мулки билан хўжалик жамиятлари ва ширкатларнинг устав жамғармасида қатнашиш, пуллик таълим хизматлари,

консультациялар ва бошқа хизматлар учун нархларни белгилаш, солиқ ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбурий тўловлардан сўнг қолган даромадни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

ТДМРХОМ пуллик таълим хизматларини кўрсатиш бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидаги таълим фаолияти доирасида ва унинг ўрнига амалга оширилиши мумкин эмас.

ТДМРХОМ Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ҳамда мазкур уставга зид бўлмаган шартномаларни тузиш, мажбуриятлар ва бошқа шартларни белгилаш бўйича масалаларни мустақил ҳал қилади.

  1. 43. ТДМРХОМда лавозим маошлари меҳнат шарномаси (битими) тузилаётганда “Олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида Низом” ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ белгиланади. Олий таълим муассасаси ходимига лавозим маоши (ставка), ўз функционал вазифаларини ҳамда меҳнат шартномасида назарда тутилган ишларни бажарганлиги учун тўланади. Қўшимча маош, устама ва бошқа моддий рағбатлантириш тадбирларининг ҳажмини олий таълим муассасаси мустақил, иш ҳақи фонди доирасида қонунчиликда назарда тутилган тартибда ва ҳажмда белгилайди.

Белгиланган маошлар аттестация натижасига кўра фақат уни ошириш мақсадида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

  1. 44. ТДМРХОМ олий таълим муассасасида ташкил этилган жамоат ташкилотларига фаолият кўрсатишлари учун зарур бўлган хоналарни ажратади ва уларни тозалашни ташкил этади.

ТДМРХОМ қошидаги тиббий – санитар муассасасига, шунингдек, унинг ҳудудида жойлашган ёки ТДМРХОМнинг балансида бўлган ҳамда талаба, тингловчи ва ходимларга хизмат кўрсатувчи ошхона ва бошқа умумий овқатланиш муассасаларига иситиш, ёритиш ва сув таъминоти билан таьминланган хоналар ажратилади.

ТДМРХОМнинг тегишли биноларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ёки янгиларини қуриш, уларнинг молиявий таъминоти қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

VIII. Халқаро ҳамкорлик

 

  1. ТДМРХОМ Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 33- моддасига мувофиқ таълим муаммолари юзасидан халқаро ҳамкорликда иштирок этадилар, чет давлатларнинг тегишли ўқув юртлари билан бевосита алоқалар ўрнатиш, қонун хужжатларида белгиланган тартибда улар билан қўшма ўқув юртлари ташкил этиш ҳуқуқига эга.
  2. Чет эл фуқароларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, таълим муассасаси илмий – педагогик ходимларининг Ўзбекистон Рсспубликаси худудидан ташқарида ўқитувчилик ва илмий-тадқиқотчилик ишлари давлатлараро органининг хорижий давлатларнинг таълимни бошқариш бўйича тегишли органлари орасидаги шартномалар, шунингдек ТДМРХОМнинг қонунчиликка мувофиқ чет эл фуқаролари ва хорижий юридик шахслар билан бевосита тузган шартномалари асосида амалга оширилади.
  3. 47. ТДМРХОМ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– халқаро нодавлат ташкилотларга кириш;

– Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари деб қаралиши мумкин бўлган, хорижий шериклар билан ҳамкорликдаги фаолият тўғрисида белгиланган тартиб асосида шартномалар тузиш;

– хорижий шериклар иштирокида олий таълим муассасасининг таркибий  бўлинмалари (марказлар, уюшмалар, маданият саройлари ва бошқа бўлинмалар)ни қонунчиликда кўзда тутилган тартибда ташкил этиш.

  1. ТДМРХОМ Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ушбу Уставда назарда тутилган ва “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга, шунингдек халқаро алоқаларни ривожлантиришга йўналтирилган ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
  2. ТДМРХОМнинг ташқи иқтисодий фаолиятидан тушган валюта, моддий тушумлари қонунчиликка биноан унинг уставида белгиланган фаолиятини таъминлаш учун ишлатилади.

 

  1. IX. Якуний қоидалар

 

  1. 50. ТДМРХОМ Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда қўйидагиларга жавоб беради:

– унинг ваколатига киритилган вазифаларни бажармаганлиги;

–  таълим жараёнида ўқув режа ва жадвалларга мувофиқ таълим дастурлари ҳажмини тўлиқ бажармаганлиги;

– таълим жараёни вақтида олий таълим муассасасида таълим олувчилар ва ходимларининг ҳаёти ва соғлиғи;

– таълим олувчилар ва олий таълим муассасаси ходимларининг ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилганлиги;

– Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган бошқа хатти-ҳаракатлар.

  1. 51. ТДМРХОМ Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида қайта ташкил қилиниши ёки тугатилиши мумкин.

ТДМРХОМ томонидан ишлаб чиқилган Устав Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда тегишли идоралар томонидан тасдиқланиб, ўрнатилган тартибда давлат рўйҳатидан ўтказилгандан сўнг кучга киради.

ТДМРХОМ Уставига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

  1. Мазкур Устав, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2010 йил 01 июль 257-сонли буйруғи билан тасдиқланган Давлат олий таълим муассасасининг намунавий Устави асосида ишлаб чиқилди ҳамда 2017 йилнинг 17 ноябрида бўлиб ўтган “ТДМРХОМ Илмий кенгаши”да кўриб чиқилди.

 

 

 

РЕКТОР                                         ТОХТАСИМОВ Ш.М.